Tasavvuf sahifasi

 

ЗАНГИ ОТА

 Занги Ота – Туркистонда Ислом дини тарқалишига улкан ҳисса қўшган пири комил, шайх, авлиё, Яссавия тариқатининг халифидирлар. Ул зотни етук одоб-ахлоқ соҳиби, ҳаким ва табиб, сўфий деб эҳтиром ила тилга оладилар. Занги Отанинг ҳақиқий номлари Ойхожа ибн Тожхожа ибн Мансурдир. У кишининг ранг-рўйлари қора бўлгани боис инсонлар “Занги Ота”, “Занги Бобо” деб мурожаат қилганлар. “Занги” қора маъносини англатади.

Занги Ота мелодий XII аср бошларида Шош (ҳозирги Тошкент) вилоятида таваллуд топганлар. Занги Отанинг таваллудлари ҳақида кўплаб ривоятлар мавжуд.

Ривоятлардан бири “Тошкентнома” китобида келтирилган: “… нақл қилинишича, Занги ота туғилганларидан сўнг, ул зотнинг ота-оналари чақалоқни Ҳазрат Хожа Аҳмад Яссавий ҳузурларига олиб борганлар. Суҳбат асносида Хожа Аҳмад Ҳазратларининг нигоҳлари чақалоққа тушади. Гўдак эса чақалоқларга хос майин табассум билан ҳазратга қараб турарди… Ҳазрат илтифот назари билан ота-оналарга боқиб «нечунким фарзанди аржумандингиз кулиб турадур?» – дейдилар. Чақалоқнинг оталари «Ҳазратимнинг бирор нарса ҳадя қилмаганлари боис табассум қилиб турадур», – деб жавоб беради. Шунда Хожа Аҳмад чақалоқ ҳақига дуо қилиб, «ҳар бир эзгулик аввал сизга, сўнгра бизга бўлсин, Оллоҳу акбар!» – деган эканлар”.

Занги Ота Аҳмад Яссавий Ҳазратларининг устози Арслонбобнинг эвараларидандир. Манбаларда Хожа Аҳмад Яссавий Занги Отага холавачча экани қайд этилган. Занги Отанинг Аҳмад Яссавий билан қариндошлиги ҳақидаги шажараларда айтилишича, Ифтихор Шайхнинг Илёс Шайх ва Маҳмуд Шайх исмли икки ўғли бўлган.

Илёс Шайхнинг ўғли – Арслонбоб, Арслонбобнинг ўғли – Мансур ота (вафоти 594/1199), Тожхожа отанинг ўғли Ойхожа, яъни Занги Ота ҳисобланади. Ўз навбатида, Маҳмуд Шайхнинг ўғли – Иброҳим Шайх, Иброҳим Шайх эса Аҳмад Яссавийнинг отасидир.

Занги Ота зиёратгоҳи ёдгорлик мажмуаси веб-сайти http://zangi-ota.uz/да шундай маълумот берилган: “айрим ривоятларга қараганда, Занги ота чин хожаларга мансуб бўлиб, шажараси Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакиваччалари ва куёвлари Али ибн Абу Толиб (к.в.) ҳамда қизлари Фотима онамизга бориб тақалади. Аммо К. Каттаевнинг фикрига қараганда, аксарят манбаларнинг далолат беришича, Занги ота Ҳазрат Али (р.а.)нинг бошқа хотинларидан туғилган Имом Муҳаммад Ҳанифа деган ўғилларига бориб етадилар. Шунинг учун ул зотни Алавий (яъни Али авлодидан), дейишади”.

Занги Отанинг насаб шажараси ҳақида маълумотлар Мулло Мусо Сайрамийнинг «Тарихи аминийя», Носируддин ибн амир Музаффарнинг «Маноқоби Саййид Ота», «Туҳфатул зоҳирийн», Ҳазрат Азизон Олим Шайхнинг «Ламахот» ва «Самария» каби манбаларда келтирилган.

Занги Ота Тасаввуф илмининг йирик намоёндаси Хожа Аҳмад Яссавийнинг биринчи муридлари бўлганлар. Шунингдек, у кишининг устозлари қаторида оталари – Тошхожа ибн Мансур ҳамда Ҳазрат Яссавийнинг суюкли шогирди Ҳаким ота Сулаймон Боқирғонийлар келтирилади.

Тасаввуф илмини эгаллаб, устози Ҳаким Отанинг оқ фотиҳасини олган Занги Ота Шошга қайтади ва ўзининг шайх-даъватчилик йўлини бошлайдилар. Ул зот чўпонлик қилганлар.

Ривоятларда Ҳазрат Арслонбоб Хўжа Аҳмад Яссавийнинг маънавий устози сифатида тилга олинади. Ҳазрат Арслонбоб вафот этаётганда хурмо данаги бўлган омонатни Аҳмад Яссавийга топширганлар.

Ривоятларга биноан, Арслонбоб Пайғамбар Муҳаммад(С.А.В)нинг саҳобаларидан бўлганлар. Бир куни Пайғамбар саллолоҳу алайҳивассалам ва саҳобалар ўтириб, хурмо истеъмол қиладилар. Бир дона хурмо нуқул идишдан тушиб кетаверади. Шунда Пайғамбар алайҳиссаломга «Бу хурмо сиздан 400 йил кейин дунёга келадиган Аҳмад исмли мусулмонга аталган», деб аён қилинади. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларидан ким хурмони эгасига етказишмни сўрайдилар. Ҳеч ким жавоб бермайди. У киши саволларини қайтарадилар. Шундан сўнг, Арслонбоб «Агар Сиз Оллоҳдан 400 йил умр сўрасангиз, мен бу ҳурмони етказаман», деб айтганлар. Ушбу ривоят «Рисолаи Сарём Исфижоб» каби ёзма манбаларда келтирилган. Орадан 400 йил ўтиб Арслонбоб Хожа Аҳмад Яссавийга устозлик қиладилар ва омонат хурмо донагини топширадилар.

Шайх Занги Ота мелодий 1258 йили вафот этганлар. Ҳозирги пойтахт Тошкент шаҳридан 15 километр узоқликда жойлашган Занги Ота мақбараси вақт ўтиши билан катта зиёратгоҳга айланади. Занги Ота ва у кишининг аёллари Анбар Биби мақбаралари Амир Темур фармонига асосан XIV асрнинг 90 йилларида бошланган.

Ривоятларга қараганда, мақбарани қуриш Амир Темурнинг тушида аён бўлган. Дастлаб у Туркистонда Ҳазрат Аҳмад Яссавий мақбарасини барпо этишни режалаштирган. Бироқ мақбаранинг қурилиши сира олдинга силжимаган. Кўтарилган девор қулаб тушаверган. Шунда Амир Темурнинг тушига Хожа Аҳмад Яссавий кириб, олдин Занги Отанинг ҳурматини бажо келтиришни маслаҳат берган. Амир Темур шундай қилиб, биринчи Тошкентда Занги Ота мақбарасини, сўнгра ҳозирги Қозоғистон ҳудудидаги Туркистонда Аҳмад Яссавий зиёратгоҳини бунёд эттиради.

Занги Ота ёдгорлик мажмуаси таркибида буюк валийнинг мақбараси, завжалари Анбар Бибининг мақбараси, қабристон, масжид, мадраса, минора жой олган. Анбар Биби Қорахоний подшолар сулоласи вакиласи бўлган. Анбар Бибининг отаси Иброҳим II Буғрохон эди. Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратлари Ислом таълимоти, тасаввуфни ёйиш учун ўз шогирдларини дунёнинг турли бурчакларига жўнатганлар. Шогирдлари Ҳаким отага йўл кўрсатиб борган туя ҳозирги Қорақалпоғистоннинг Боқирғон деган жойига бориб тўхтайди. Ўзи ҳукмронлик қилаётган ҳудудга Хожа Аҳмад Яссавий шогирди – Ҳаким отани юборганидан суюниб кетган Иброҳим II Буғрохон қизи Анбар Бибини Ҳаким отага никоҳлаб берган. Ҳаким ота Сулаймон Боқирғоний номи билан танилганлар. Занги Ота устози вафотидан кейин Анбар Бибини ўз никоҳларига олганлар.

Анбар Биби оналик ва серфарзандлик тимсоли ҳисобланган. Анбар Биби мақбарасидаги биринчи қабр тош Анбар онага, кейингиси Ҳаким Отанинг онаси Улуғ Пошшога тегишли.

Шўролар замонида даҳрий ҳокимият бир неча марта Занги Ота мақбарасини зиёратчилар ташрифи учун ёпиб қўйди. Истибдод даври тугаб, эркинлик шабадалари эса бошлаган 1990 йиллардан Занги Ота ва Анбар Биби мақбаралари яна зиёратгоҳга айланди. 2013 йили Занги Ота ёдгорлик мажмуасида катта ободончилик ишлари амалга оширилиб, мажмуа майдони янада кенгайтирилди.

Занги Ота ёдгорлик мажмуасига ҳар йили юз минглаб маҳаллий ва хорижий зиёратчилар ташриф буюришади.

Марҳабо Мусохон қизи

“Туркистон Саййидлари ва Эшонлари”

 жамиятининг минтақавий вакили