Buxorodagi Imlo Eshon maqbarasi

Бул зотнинг исмлари Муҳаммад бўлиб, «Имло» тахаллусларидир. Тўлиқ  исмлари Саййид Мулла Муҳаммад Охун Эшон Имло Бухорий бўлган. Эшони Имло ҳазратлари ўз даврининг улкан алломаси, авлиё, истеъдодли тарбиячи, забардаст шоир ва тўрт тариқатнинг яъни Кубровия, Ишқия, Жаҳрия ва Хофия тариқатларининг пири бўлганлар. У киши 1686 йили Бухоро шаҳрида туғилганлар ва 1749 йил вафот этганлар. Ул зот илк таълимни аввал Бухоро мадрасаларида сўнг ўша даврдаги тўрт тариқатнинг пирларидан олган эканлар, жумладан тарихчи Носириддин Тўра ибн Амир Музаффарнинг «Туҳфатуз-зоирин» китобида келтирилишича, Эшон Имло ҳазратлари сўфилик илмини биринчи пирлари бўлмиш  «Ишқия» тариқати пешвоси Шайх Бобо Хизр Абул Хасан Ишқийдан, иккинчи пирлари «Кубровия» тариқати пешвоси Шайх Мирзо Баҳодир Ширбодонийдан, учинчи пирлари «Жахрия» тариқати пешвоси Шайх Усмон Азизондан, тўртинчи пирлари «Хофия» тариқати пешвоси Шайх Пошшохўжа Салим Балхийдан олган эканлар. Эшони Имло ҳам саййидлардан бўлиб, у кишининг шажаралари «Маноқиби Эшони Имло» номли насабномада ва Носириддин Тўранинг «Тухфатуз-зоирин» китобида келтирилган. Хусусан ўз даврининг етук тарихчиси ҳамда Бухоро амири Амир Музаффарнинг ўғли бўлмиш хонзода Носириддин Тўра ўзининг китобида Ҳазратнинг шажараларини қуйидагича келтирган:

Эшони Имло ҳазратларининг оналари:

Бибихоним бинти Саййид Паҳлавон хўжа ибн Саййид Мустафо хўжа ибн Саййид Абдураҳим хўжа ибн Саййид Мири Хурд ибн Саййид Мир Абдулаввал хўжа ибн Саййид Муртазо хўжа ибн Саййид Ҳидоятуллоҳ хўжа ибн Саййид Жаъфар ибн Саййид Маҳди ибн Саййид Муҳаммад Маҳмуд Румий ибн Саййид Али Акбар ибн Имом Хасан Аскарий ибн Имом Али Нақи ибн Имом Муҳаммад Тақи ибн Имом Али Мусо Ризо ибн Имом Мусо Козим ибн Имом Жаъфари Содиқ ибн Имом Муҳаммад Боқир ибн Имом Зайнулобидин Али Асғар ибн Саййидуш Шуҳадо Ал Ҳусайн ибн Али Муртазо ва Фотима-и Заҳро бинти Муҳаммад Мустафо (с.а.в).

Эшони Имло ҳазратларининг оталари:

Шайх Алоуддин Азизон ибн Шайх Сайфуддин хўжа ибн Шайх Ходи Хўжа ибн Увайс Шайх ибн Аҳмад Шайх ибн Бобо Юсуф хўжа ибн Али Муртазо хўжа ибн Юнус Шайх ибн Аҳмад Шайх ибн Маҳмуд Шайх ибн Талаб Шайх абн Абдужамил Шайх ибн Сулаймон Шайх ибн Мусо Шайх ибн Ҳорун Шайх ибн Абдуқаҳҳор Шайх ибн Абдулфаттоҳ Шайх ибн Имом Муҳаммад Ҳанафия ибн Амир ал Муъминин Али Ал Муртазо (р.а).

Бухоролик шоир ва адиб Садриддин Салим Бухорий ҳазратлари (у кишини Аллоҳ раҳмат қилсин) ўзининг «Икки юз етмиш етти пир» номли китобида ҳам Ҳазрат Эшони Имлонинг ушбу муборак шажараларини келтирганлар ва ўзларини айтишларига кўра ушбу аждодлар шажарасини Бухородаги «Эшони Имло» номли қабристон яқинидаги маҳаллада истиқомат қилаётган Ҳазратнинг авлодларида сақланиб келинаётган  «Маноқиби  Эшони  Имло» номли насабномадан олган эканлар. Ҳозиргача мен ҳам қараб, ўрганиб чиққан саййидзодаларнинг шажараларида, шу жумладан авлодимиз шажараларида ҳам, Имом Ҳасан Аскарийнинг Саййид Муҳаммад деган ўғлидан бошқа яна Саййид Али Акбар деган ўғли ҳам бўлганлиги аниқ ёзилган. Демак Имом Ҳасан Аскарийнинг ана шу ўғли яъни Саййид Али Акбар ҳазратларидан ҳам дунёга саййидлар тарқаган.

 

(Ушбу мақола муаллифи марҳум Саййид Абдулаҳадхон ўғли Саййид Ибодхон Баҳодиров кўп йиллар давомида Нуроний» жамғармасининг Иштихон тумани бўлими раиси ва «Иштихон» газетаси муҳаррир ўринбосари бўлиб, элга хизмат қилганлар. Шунингдек уларнинг ўзларида сақланиб келган шажарага биноан, юқоридаги аждодлар вакили, яъни саййидзодалар эканлиги айтилади. Аллоҳ уларни ўз раҳматига олсин.)

Buxorodagi Imlo Eshon maqbarasining tarixiy fotosurati. XIX asr