(мазмунли гўзал Сўзбошидан бир қатра)

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Саййидларни улуғлашни чиройли одатлардан ва шарафли ибодатлардан қилган, аҳли тоатга яқин дўстликни боғлаган (итоаткор бандалари қалбига саййидларни суюкли қилган) Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Унинг танланган пайғамбари, танланганларнинг энг шарафлиси, олий даргоҳларнинг тўрида ўтиришга муносиб бўлган, Аллоҳга икки камон масофа(икки қадам маъносидаҚуръондаги «қоба қавсайн» иборасига ишора) даражасида яқинлашган Пайғамбарига раҳмат ва саломлар бўлсин. Омин. Яна у «Биз сени фақат оламлар учун раҳмат қилиб юбордик» (дейилганидек. Қуръон: 21:107 ояти) раҳмат тиловчи, «Одам ато сув ва лой орасида эканида мен Пайғамбар эдим» (деганларидек. Пайғамбар номидан айтилган сўз) олий даражалидир. Унинг оиласига ҳам саҳобаларига ҳам раҳмат ва саломлар бўлсин. Аллоҳ улардан нопокликни кетказди ва уларни пок қилди (Қуръон: 33:33 ояти). Бизларга уларни севишни вожиб қилдики, уларни севиш имондан ва ёмон кўриш кофирликдир.

Аммо шундан сўнг: бу саҳифа насл-насаблар денгизидан бир қатра, Пайғамбар с.а.в. хонадонига туташтирувчи насабнома шажаралардан бир шингил, Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) бўстонидан бир боғ, ҳашаматли мажлисларнинг тўрида ўтирувчи иқболи баланд ва комилликка кон бўлган зотлар учун бир зебу зийнат бўлғусидир. Уни тасдиқловчи олий ёрлиқ: «Биз уни ўзимиз тақсим қилганмиз» (яъни Аллоҳни ўзи у кишини Пайғамбар қилиб сайлаган. Қуръон: 43:32 ояти) деган пайғамбарлик девонида «Айтинг (эй Муҳаммад), Мен сизлардан бунинг (ҳидоятга чақирганим) учун ажр сўрамайман, фақатгина яқинлар орасида дўстликни (сўрайман)» (Қуръон: 42:23 ояти) деб иноят қилди, улуғларни қадрловчи сарой шарофати билан «Сизларда икки нарса бор» деди ва «Эй (Пайғамбар) хонадони аҳли, Аллоҳ фақат сизлардан нопокликни кетказишни ва сизларни поклашни хоҳлайди» (Қуръон: 33:33 ояти) деб марҳамат қилди. Жаҳоний насл-насаб офтоби нурларидан ва мўъжизоли ҳамда латиф илоҳий каломдан тақводорларнинг мунаввар кўнглида Қуръон юлдузларининг нурларини ҳувайдо қилди. Жами хос ва авом инсонларни шайтоний залолат зулматидан қутқариш ва илоҳий саодатга етказиш «Аллоҳ кимни хоҳласа тўғри йўлга бошлайди»» (Қуръон: 2:213,214; 10:25; 24:46 оятлари) ҳидоят нурлари ҳамда ҳазрат пайғамбарлар пешвоси ва икки олам худосининг севимли дўсти Муҳаммад (с.а.в.) авлодларига муҳаббатига боғлиқдир. Улар одам авлодларининг сараси ва хулосасидирларки, «Айтинг (эй Муҳаммад), Мен сизлардан бунинг (ҳидоятга чақирганим) учун ажр сўрамайман, фақатгина яқинлар орасида дўстликни (сўрайман)» (Қуръон: 42:23) ояти каримасидан мурод Муҳаммад Мустафо (с.а.в.), Фотимаи Заҳро саййидатуннисо, Ҳасан ва Ҳусайн (р.а.)лар ҳамда уларнинг авлодларидир. Уларнинг барчасига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин! Ҳеч шак-шубҳа йўқки, Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.) ва унинг авлодларига муҳаббат иймоннинг белгиси бўлса, уларга нисбатан душманлик қилиш куфрдан дарак беради! Шу жумладан бу нарсалар Пайғамбар ва унинг авлодлари ҳасби-ҳоллари ҳақидаги ҳадислар ва ахбору ривоятлар, мўътабар китоблар ва асарларда беҳад-беҳисоб битилгандир. Бас барча мусулмонларга вожиб ва лозимдирки, улар саййидларни саййид бўлмаган кишилардан юқори кўрсинлар, токим уларга муҳаббат қўйиш, эҳтиром қилиш ва бошқалардан юқори кўришдан савоб топсинлар. Уларга душманлик қилиш, ҳуқуқларини риоят қилмаслик ва уларга нисбатан беадаблик қилишдан сақлансинлар, токим исъёнкор бўлиб, уларнинг шафоатидан маҳрум бўлиб қолмасинлар. Чунончи, Мавлавий Абулфорис шундай деганлар: Назм:

Фардоки ҳар касе ба шафе зананд даст,

Моим дасти домани авлоди Мустафо.

(Таржимаси: Эртага ҳар киши шафоат тилагида қўлини чўзганида бизнинг қўлимиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) авлоди этакларидан ушлайди).

Жамики инсонларга саййидни йиғинлар ва мажлисларда ҳам, йўлда ҳам, сўзлаганида ҳам риоят қилмоқ зарурдир. Чунки айтиб ўтилган бу ишларда саййидни риоят қилмоқ дунёнинг энг афзали Муҳаммад (с.а.в.) ва унинг энг биринчи авлодларига ҳам риоят кўрсатилди демакдир. Саййидзодани мазкур ишларда таҳқирлаш эса Ҳазрат Расул алайҳиссалом ва унинг авлодларини таҳқирлаш ҳисобланади. Ҳазратнинг авлодларини таҳқирлаш эса куфр каби  бўлиб, унинг жазоси бир кунмас бир кун албатта тортилади. Фарзанд отанинг бир бўлагидир. Отанинг улуғлиги фарзанднинг ҳам улуғлигини билдиради. Фарзандни таҳқирлаш отани таҳқирлашни билдиради. Саййиднинг бобоси Муҳаммад (с.а.в.) бўлгани учун унинг оталик жиҳати кучли турадир.

Султон ва олимнинг фарзандларини султон ёки олим дейишмайди. Аммо саййиднинг фарзандини саййид дейишади, чунки саййиднинг фарзанди саййид бўлади. «Салоти Масъудий» китоби тўртинчи жилдининг тўққизинчи бобида Набий алайҳиссалом ва унинг авлодлари фазилатлари ҳақида шундай дейилган:

«Фахр ал-ислом айтадики, уларни севиш диндан, уларни ёмон кўриш кофирлик ва уларга яқинлашиш нажотдир (Шариат ал-ислом). Улар бошқа одамлардан илгари туришлари керак, чунки улар динда намунадирлар (Равзат ал-ислом). Улар Пайғамбар (с.а.в.)га  яқинликлари сабабли бошқа одамлардан олдинда туришлари керак (Манофиъ). Юришда ва ўтиришда Пайғамбар авлодлари биринчи бўлишлари ҳамда улуғланишлари лозим. Чунки улар доимо қалбларида ва тилларида инсонларнинг ҳожатлари билан юрадилар. Шунинг учун инсонлар ҳар бир ишда Саййидларни ўзларидан аввал қўймоқлари лозим (Шариат ал-ислом). Олим ва тақводор киши уммий саййиддан юқорида ўтирмоғи жоиз эмасдир. Чунки у Пайғамбар (с.а.в.)га яқиндир, динда ўрнак ва намунадир. Бу масалада олдиндан белгиланган ҳодисалар шундайки, икки олам саййиди ва тақводорлар расули Ҳазрат Муҳаммад (с.а.в.)нинг муборак шариати ва Шайх Али аль-Ҳаким ат-Термизий қуддиса сирруҳунинг «Наводир ал-усул фи маърифат ахбор Расул (с.а.в.)» китобида ривоят қилинган саҳиҳ ҳадислар, Имом Абу Исҳоқ ҳақиқий иснод бўйича Зайд ибн Арқам ва икки олам Худоси Расулининг бошқа мўътабар саҳобаларидан келтирилган далилларга биноан Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) авлодларини таниш ва эътироф этиш жаҳаннам оташидан қутқарувчи барот, Муҳаммад (с.а.в.) авлодларини севиш сироти мустақимдан юриш учун ижозатнома ва Муҳаммад (с.а.в.) авлодларига садоқат аламли азобдан омонликка, умматларнинг барча тоифаларидан кимики Аллоҳга таъолога, Расулига ва қиёмат кунига иймон келтирган бўлса, аввалидан охиригача асрдан-асргача, наслдан-наслга ўтиб борувчи улуғликни тан олиб, чин қалбдан уларни севсинлар ва таъзим, эъзозлаш ва ҳурматни Пайғамбар (с.а.в.) авлоди ҳақларига лозим бўлган даражада бажо келтирсинлар.»Кифоя Мансурийа», «Ал-Мабсут», «Шарҳ Мулло», «Мухтасар ал-виқоя» ва «Маъолим ат-танзил» китобларида келтирилган ривоятларнинг таъкидлашича, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан кейин халқнинг энг яхшиси Хулафои Рошидинлардир (Тўғри йўлли халифалар: Абу Бакр Сиддиқ, Умар, Усмон, Али р.а.лар). Улардан кейин Пайғамбар авлодлари, сўнгра уларнинг авлодларидир (яъни саййидзодалар). Бу нарса авлоддан авлодга наслдан-наслга асрлар оша ўтиб боради. Шу тариқа жамики инсонлар ва уларнинг тоифаларига, араб ва ажам қабилаларига, уларнинг хос ва авом эркагу аёлларига Муҳаммад (с.а.в.)нинг авлодларини яъни саййидзодаларни таниш ва севиш, эъзоз ва икром қилиш лозимдир. Ҳанафия миллатининг муборак ва шарафли шариатига биноан, амирларга лозимки, улар Пайғамбар (с.а.в.) амрига таъзим қилиб, саййидларга иззат-икром кўрсатсинлар. Аллоҳ таъоло билгувчидир. …

Саййид Илҳомхон Баҳодиров

 “Туркистон Саййидлари ва Эшонлари”

 жамиятининг минтақавий вакили