АМИР САЙЙИД АБДУЛЛОҲ ҲАЙРОНА ВАЛИЙ

Бу жамии фазилатларни ўзида мужассам этган, аҳли илмнинг суянчи, саховатли инсонларни ўзига қаратган, мукаррам, набавий авлодининг силсиласидан, катта мустафовий (Пайғамбар авлодлари) хулосаси, аҳли сулукнинг пешқадами, обид бандаларнинг намояндаси, Аллоҳнинг раҳмат ва мағфирати билан кечирилган, ўз замонасининг азиз ва мукаррам инсонларидан бўлган. Бу кишининг тўлиқ исмлари Амир Саййид Абдуллоҳ ал-Ҳайрон ал-Ҳусайний, ал-Мадиний, бўлган Аллоҳ бу кишининг руҳини шод қилсин!

Амир Саййид Абдаллоҳ ал-Ҳайрон, ал-Ҳусайний, ал-Маданий сўнг Андижоний давригача бўлган. Мазкур Амир Кабирдан сўнг 704 ҳижрий (1305 милодий) санада пирлик башорати, шайх-ул-машойих, Шайх Жалолиддин Муҳаммад Шайх Муҳиббуддин Мисрийдан Фарғона аҳлини (иршоди) яъни тўғри йўлга бошлаб, инсонларни яхшиликка чақирувчи илму маърифат йўлида зиё таратиш учун башорат олган ва шу тарафга йўналиб Андижонда “Самижкон” қишлоғи хозирда Андижон вилояти Марҳамат туманидаги Қорақўрғон қишлоғига келиб ватан қилиб жойлашган.

Бу Саййид, улуғ даражали, баракотли, Байт-ул-Ҳаромда яшовчилардан бўлиб, Ясриб (Мадина)да Ҳарамда жойлашган бўлган. У Шайх Жалолиддиннинг суҳбатида бўлган. Бу (Жалолиддин)нинг ота-боболари саййидлардан, икки тарафи ҳам карим зотлар насабидан бўлган. Мазкур насаби шарифи зикр қилинган Саййид Абдуллоҳ ал-Ҳайрон, дунёнинг бошқа шаҳарларига ҳам сафарлар уюштириб, у ердаги бошқа Одам болалари билан суҳбат қуриш учун саёҳат қилишга мушарраф бўлди.

У кишининг “Ҳайроний” деб ном берилишининг сабаби шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу фано диёридан бақо диёрига сафар қилганларида, яъни вафотларидан сўнг, У зотнинг авлодлари “Ромиён хурмоси” деб номланган хурмо боғини бир-бирларига тақсимлаб олдилар. Мазкур хурмо боғидан ҳазрати Саййид Абдуллоҳ (раҳимаҳуллоҳ)га ҳам уч туп хурмо дарахти тегади. Сўнгра, Мадинадан Фарғона водийсига яъни, Андижон шаҳрига сафар қилдилар ва у ерга тобе “Самижкон” мавзесида жойлашиб истиқомат қилишни бошлайди. Сўнгра уч йил давомида мазкур хурмо боғидаги ажратилган дарахт меваси хурмосидан бўлган улуши келиб турган. 3 йилдан сўнг Мадинадан Самижконга ушбу улуш келмай қолади ва у Мадинага бориб, «нима сабабдан мазкур хурмолардан бўлган менинг улушим менга келмаяпти?» деб сўраб, бу хабарни билиш учун Мадинага сафар қилади, ўша пайт Ҳазрати Эшон (Саййид Абдуллоҳ) 90 ёшда эдилар. Ўз асрдошларидан яъни, қариндошларидан ҳечким қолмаган экан. Ўтганларнинг авлодлари эса «сизнинг аждодларингиз аниқланиши керак» деб айтишди. Демак, Валий зот Амир Саййид Абдуллоҳ Ал-Ҳайроний тахминан 618 ҳижрий (1219 милодий) санада туғилган бўлиши мумкин деган тахминий хулосага борсак бўлади.

Шундан сўнг, улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан бошлаб ҳозиргача бирор мусулмон бошига мушкил оғир машаққатли иш тушса, У зотнинг муборак равзаи қабрларига бориб, зиёрати ўлароқ дуо ила арз яъни хар қандай мушкулини айтиб дуо қилади деб айтдилар.

Сўнг, Саййид Абдуллоҳ Мадиний Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаларига қараб бораётганда йўлда тўсатдан тўхтаб, ҳайрон бўлиб қолдилар. Шунда у кишига йўлда бирга ҳамроҳ бўлиб кетаётган мурид (шогирд)лари «Ҳазрат юрсинлар кутиб қолдик, нега тўхтаб қолдингиз?» дейишганида, у киши қуйидаги байтларни айтди:

Назар барўйи ту кардам ду дида ҳайрон шуд,

Ту рафти аз назар ва ман ҳануз ҳайронам.

Таржимаси:

Сизнинг юзингизга назар қилганимда икки кўзим ҳайрон бўлди,

Сиз назардан кеттингиз, мен эса ҳануз ҳайронман.

Шундай деб у киши йўлга тушиб, Равзаи Шарифага етиб келдилар. Зиёрати ила дуо қилиб, икки ракат намоз ўқиб айтдиларки, «Эй, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, мен Саййид Абдуллоҳ Мадиний сизнинг авлодингизманми ёки йўқми?» деб сўраганда – «авлодий (менинг авлодим), авлодий, авлодий» – деб уч марта овоз келади. Шу онда Ҳазратнинг ёнидаги барча ёронлари у кишининг олдига ўзларини ташлаб, кўп узру маъзур сўрашиб арз қилишди. Шундан сўнг, аслий ватани Самижконга қайтиб у ерда иморат бино қилди.

Мазкур иморатда ҳазрати Шоҳи Мардоннинг дастурига кўра 3 та суффа бино қилишди: 1) “Суффаи Сафо”; 2) “Суффаи Жафо” ва 3) “Суффаи Вафо”, деб ном бердилар. Зеро, мазкур Шоҳи Мардон Кўфада бўлиб, Суффаи Сафо устида ўтирганларида (Ахсикент вилоятида Ҳафтод Бобо номли бир вали зот бор экан, деб айтишади) шу жумладан, Бобои Айни-ул-Мулк Сармаст ўз ёронларига айтиб бердики, бир куни Саййид Абдуллоҳ наздлари яъни ёнига бормоқчи бўлиб турганда мазкур вилоят йўлида ўзи ҳозир бўлиб кўринди –деган экан.

Амир Саййид Абдуллоҳ Ал-Ҳайроний Валий бувамизнинг Самижкон қишлоғида яшаб, 7 нафар ўғил фарзандлари бўлиб, 4 нафари шу қишлоқда яшаб қолишади. Қолган 3 нафари ўзи билан бирга Ўзган яъни ҳозирда Қирғизистон Республикаси Ўш вилояти Ўзган шаҳрига сафар қилади. Ана шу ерда ҳам саййидлар сулоласини тарқалишига сабабчи бўлганлар. Ўзган сафарига отланар экан, Ҳазрат йўл йўлакай учраган ва дам олиш учун тўхтаб қўним топган жойларни обод қилиб, ўзидан садақаий жория қолдиришга, у жойларга илм маскани Масжид ва Мадрасалар қурдирган ва кўплаб, бошқа келажак авлодлари учун зарур бўладиган иншоатлар қурдириб қолдирган, деган манбалар ҳам бор. Ушбу 3 нафар ўғлидан хозирда ҳам Саййидзода авлодлари кўпайиб яшаб келмоқда.

Умрининг сўнги дамларида Ўзганда яшаб вафот этган, ўзининг васиятларига кўра, доимий хизмати учун маркаб воситасида хожати учун бир оқ туяси бўлиб, «вафотимдан сўнг жасадимни туямга юклаб жўнатинглар ва туя қаерга чўкса ўша ерга дафн қилинглар» деб айтади. Вафотидан сўнг, фарзандлари падари бузургворининг айтган васиятига амал қилиб, жасадини оқ туясига ортиб кетишади, шунда туя юра-юра Мадинадан келиб биринчи қўним топган ватани Самижкон қишлоғига, ўзи яшаб ўтган жойидаги бир масжид олдига келиб чўкади. Ана ўша жойга дафн этиш учун фарзандлари қабр ковлашни бошлаб, битар чоғида туя яна туриб юриб кетади.

Изоҳ: Туя чўккан жойда Саййид Абдуллоҳ Ҳайроний Валий буванинг ўзи ҳаётлик чоғида қурдирган масжидлари, мадраса ва битта чиллахонаси бўлган. «Туя масжиднинг ёнига етганида азон овозини эшитиб чўккан» деган ривоятлар ҳам бор. (Бу жой хозирда «Оқ мозор» қабристони бўлиб, рамзий қабр қилиб, мақбара қилиб қўйилган). Туя юриб-юриб “Шаханд” деб номланган жой яъни хозирда Наманган вилояти, Тўрақўрғон тумани, Шахант қишлоғидаги бир жойга бориб чўкади. Ва нихоят у кишини жасадини шу жойга дафн қилишади. Хозирда ушбу жойга мақбара қилиниб, жуда кўп хожатманд инсонлар зиёрат учун бориб келишади.

Бу жой икки дарёнинг туташган жойи яъни (Норин ва Қора) дарёлар туташган ернинг тепароғида жойлашган ва қадимги тут дараҳти савлат тўкиб туради. Ушбу жойнинг қарияларини айтишича, тут дарахти бир йил қора, бир йил оқ рангда мева қилар экан. Саййид Абдуллоҳ Ҳайроний Валий зотнинг кароматлари кўп бўлиб, улардан бири табобат илмидан юксак даражада хабардор бўлган, ўша замонда яшаб баданига оқ тушган касалларни дардига ўзининг зикру дуолари билан даво улашган экан. Ҳозирга қадар ҳам шундай беморлар бориб, қабр тупроғидан шифо учун фойдаланишиб туришар экан.

Ҳа албатта, инсон бу дунёга азиз ва мукаррам қилиб жўнатилган. Аллоҳ таоло ўзи суйган бандасини илимда юксак даражага кўтариб, ўзи амал қилиб турган илми ишида фақиҳ қилиб қўяди дейилган. Ана шундай инсонлардан бири мазкур Амир Саййид Абдуллоҳ Ал-Ҳайроний Валий бувамиз бўладилар. Бу кишини Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўзи қабрларини нурга тўлдирсин. Ҳозирда яшаётган фарзанди зурриётларидан ҳам, ҳамда келажакда келадиган авлод наслларидан ҳам мана шундай зурриётлар чиқишини Яратган Роббимиздан сўраб дуо қилиб қоламиз.

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳу.

Марҳамат тумани фаолиятидаги

“Бозор боши” жомеъ масжиди мутаваллиси

Музаффархон Шожалилов

Саййид Авлод Наслий

 Maqola uchun qo’shimcha:

Quyida Siz azizlarga taqdim qilinayotgan navbatdagi shajara namunasi O’zbekiston Respublikasining Andijon viloyatidan taqdim qilindi. Yuqoridagi maqola muallifi Muzaffarxon Shojalilov ushbu noyob qo’lyozmani bobolaridan meros qolib, saqlanib kelganligini ta’kidlab o’tib, uni «Turkiston Sayyidlari va Eshonlari» Jamiyatiga tasdiqlash uchun taqdim qildi.  Jamiyat mutaxassislari hozirgi kunda shajaraning tadqiqot ishlarini boshlab yuborgan bo’lib, tez orada undagi ma’lumotlarni sahifamizning hurmatli mehmonlariga yetkazish umidida.

Amir Sayyid Abdulloh Hayrona Valiy hazratlarining ajdod va avlodlariga berilgan nasab shajarasining aslidan olingan nusxasi.